Турли маҳсулотлардан ҳар хил суюқ таомлар тайёрлашнинг 6 тури

Go'sht va sabzavotlardan parhezli suyuq ovqatlar

Салом дўстлар, олдинги маколаларимизда, гушт ва парранда гуштидан тайерланадиган таомлар, торт тайерлашнинг 4 хил усули хамда тортлар рецепти ва керакли масаллиқлар хакида гаплашдик. Бугунги мавзу, гўшт ва сабзавотлардан парҳезли суюқ овқатлар тайёрлаш ҳақида бўлади.

“Аснави” шўрва

Керакли масаллиқлар: 200 гр суякли гўшт, 1 пиёла ивитиб қўйилган қизил ва оқ ловия, ярим пиёла мош, 2 — 3 ошқошиқ ёғ, 1 бош пиёз, 1 дона сабзи, 1 та булғор қалампири, 1 ошқошиқ томат.

Тайёрланиши: суякни сувда қайнатиб, ичига олдиндан ивитиб қўйилган қизил ва оқ ловия, мош солиб пиширилади. Алоҳида идишда гўшт, пиёз, сабзи, томат қовурилиб, қайнатмага қўшилади. Охирида эса булғор қъалампири майда тўғраб солинади. Агар уйда қўзиқорин бўлса, уни ҳам майдалаб қўшвориш мумкин. Шўрва янада мазали ва тўйимли бўлади.

”Тефтел” шўрва

Керакли масаллиқлар: 300 гр суякли гўшт, 150 гр қийма, 1 бош пиёз, 1 та шолғом, 1 дона сабзи, 1 дона булғор қалампири, ярим чойқошиқ томат, 2 ошқошиқ ёғ, таъбга кўра туз, кўкат ва зираворлар.

Тайёрланиши: қозонда салат ёки зайтун ёғини қиздиргач, гўштни солиб, бир-икки марта айлантириб, тўғралган пиёз, томат, саримсоқпиёз, катта тўртбурчак шаклига келтирилган сабзи, шолғом, булғор қалампирини ҳам қўшамиз. Бироз қовургач, сув қуямиз, 35 дақиқа қайнайди. Қиймага туз зираворлар сепиб, уни коптокча шаклига келтирамиз ва қозонга соламиз. Пишгач, таомнинг устига кўкатлар сепиб, дастурхонга тортамиз.

Тухумли угра

Керакли масаллиқлар: 250 гр товуқ гўшти, 3 литр сув, 1 бош пиёз, 2 та сабзи (қизил, сариқ), 1 та шолғом, 3 та тухум, таъбга кўра туз, кўкат ва зираворлар.

Тайёрланиши: товуқ гўшти сувда қайнатилиб, кўпиги олинади, унга битта пиёз тўғраб солингач, паст оловда қайнатишда давом этилади. Алоҳида товадаги бир ошқошиқ ёғда пиёз, сабзи, шолғом озгина қовурилиб, кейин қайнаб турган шўрвага қўшилади. Алоҳида идишга 3 дона тухум чақилиб (биттаси сариғи билан, қолган иккитасининг фақат оқи олинади), кўкатлар, туз, мурч қўшиб, аралаштирилади.

Това озгина ёғланиб, аралашма юпқа ҳолатда қуймоққа ўхшатиб пиширилади. Тухумли аралашмадан 6 та қуймоқ чиқади. Улар совитилиб, лапша шаклига келтирилади ва битта лавр япроги билан қозонга ташланади. Товуқ гўшти узунчоқ тўғралиб қозонга солинади. Шу ҳолатда ўн дақиқа қайнагач, олов ўчирилиб, қопқоқ ёпилади, яъни таом бироз димлаб қўйилади. 5-10 дақиқадан кейин бемалол косага сузиб, истеъмол қилиш мумкин.

Арпа ёрмасидан шўрва

Керакли масаллиқлар: 2 ошқошиқ ёғ, 200 гр гўшт, 1 тадан пиёз, сабзи, шолғом, булғор қалампири, ярим пиёла ивитилган арпа ёрмаси, 1 чой қошиқ томат ёки битта помидор, таъбга кўра туз ва зираворлар.

Тайёрланиши: қозонга 2 ошқошиқ писта (ёки зайтун) ёғи қуйиб, гўшт, пиёз, томат, саримсоқпиёз, сабзи, шолғом, булғор қалампири соламиз. Меёрида туз ташлаб, ҳаммасини озгина қовуриб, сув қуямиз. Қайнаб чиққач, ярим пиёла ивитилган арпа ёрмасини солиб, оддий шўрва каби паст оловда қайнатамиз. Таом пишгач, кўкатлар билан бирга истеъмол қилса бўлади.

Карамли парҳез таом

Гўшт ва сабзавотлардан парҳезли суюқ овқатлар тайёрлаб истеъмол қилиш беморга ҳам, соғлом кишига ҳам бирдек ёқади.

Керакли масаллқклар: 0,5 кг суякли гўшт, 2 литр сув, яримта карам, 1 бош пиёз, 1 та шолғом, 1 дона сабзи, 1 та помидор, 3 дона лавр барги, таъбга кўра туз, кўкат ва зираворлар.

Тайёрланиши: гўштни сувда, тахминан, 2-2,5 соат қайнатинг. Сўнгра карамни тўртбурчак шаклида (1х1 см) тўғраб солинг. Агар карамнинг мазаси тахир бўлса, 2-3 дақиқа қайноқ сувда қолдириб, кейин таом учун фойдаланинг. Алоҳида идишда пиёзни қовуриб, унга шолғом сабзи, помидор қўшинг. Тайёр бўлгач, карамли қайнатмага солинг. Лавр барги ва кўкатлар ҳам қўшинг. Шўрва пишганда эса тузини ростланг.

Ловияли ширин шўрва

Керакли масаллиқлар: 2 ошқошиқ ёғ, 1 бош пиёз, 1 ош қошиқ томат ёки 1 дона помидор, 2-3 дона саримсоқпиёз, ярим боғ селдерей (кашничсимон ошкўк), 100 гр қийма ёки лахм гўшт, 1 пиёла оқ ловия, 1 та картошка, 1 та қизил сабзи, таъбга кўра туз ва зираворлар.

Тайёрланиши: ёғ қизигач, паррак-паррак тўғралган пиёзни тилларанг бўлгунча қовуриб, сўнг унга қийма ёки лахм гўштни майдалаб соламиз. Яхшилаб аралаштириб, томат, тўртбурчак шаклида тўғралган сабзи, картошка, саримсоқни ҳам қўшиб юборамиз. Кейин қозонга сув қуйиб, 1 пиёла ловияни соламиз. Шўрва 1-1,5 соат давомида қайнайди. Сўнг тузини ростлаб, тўгралган селдерейни соламиз. Унутманг, туз фақат ловиялар пишганидан сўнг ташланади.

«Қандли диабетда шифобахш дастурхон» китобидан.

Rating
( No ratings yet )
Макола екдими? Уртокларингиз билан булишинг!:
Islife
Изох колдиринг! Жавоб оласиз...

;-) :| :x :twisted: :smile: :shock: :sad: :roll: :razz: :oops: :o :mrgreen: :lol: :idea: :grin: :evil: :cry: :cool: :arrow: :???: :?: :!: